Хурматли ота оналар, азиз ёшлар!

Узоқ ва яқин ўтмишимиздан маълумки, порахўрлик миллатимиз, давлатимиз тараққиёти учун энг катта тўсиқдир. Айниқса, олий таълим даргоҳларига кириш тестларига бу иллатнинг аралашуви кадрлар сифатига, таълим даражасига жиддий путур етказди. Ҳаммамиз бундан етарлича хулоса чиқаришимиз лозим. Олий таълим тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ойлик маошини сўнгги бир йил ичида 3 маротаба ошириш бўйича қарорлар қабул қилингани, илмий фаолият билан шуғулланаётган ходимларни босқичма-босқич уй-жой билан таъминланаётганлиги Жиззах политехника институтининг ҳар бир раҳбар-ходим ва профессор-ўқитувчиларига чексиз миннатдорлик ҳисси ва катта масъулият юклайди. Бунинг учун: -институтда ўқув, ўқув-услубий, илмий ва маънавий-маърифий ишларни замон талаблари даражасида ташкил қилиш, ёшларга етарли шароитларни яратиб бериш, уларнинг инновацион ғоялари, ишланмалари, стартаплари ва бошқа соҳалардаги улкан истеъдодларини юзага чиқариш ҳамда намоён этишлари; - институтда коррупция ҳолатларини юз беришига қарши ҳар бир жабҳада, ҳар куни ва қадамда курашиш; - коррупцияга қарши аёвсиз курашни қабул жараёнларидан бошлаб, талабалар ўқишини биринчи курсдан то охирги курсига қадар барча фанларни ўзлаштириш, курс иши, битирув малакавий иши ва магистрлик диссертацияларини ҳимоя қилиш, олий таълимдан кейинги таълимда ҳам бирдек ташкил этишга бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз. Таълим – муқаддас соҳа. Бу соҳада коррупция, таниш-билишчиликка ўрин бўлмаслиги керак. Билимни пулга сотиб олиб бўлмайди. Илм йўли сермашаққат ва ҳалол бўлмоғи лозим. Шундагина ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишга эришамиз. Кечаги аччиқ сабоқлар эртанги ширин меваларга замин бўлмоғи лозим. Умид қиламанки, олий таълим даргоҳимизга қабул, тест ва таълим жараёнларида фақатгина билимига ишонган, виждонли ва илмга чанқоқ йигит-қизлар талаба бўлиб қадам босадилар. Азиз ёшлар! Билим ва ўзига ишонч – коррупцияга қарши Сизнинг қуролингиз бўлсин!

Институт ректори  

т.ф.д. профессор А.Усманкулов