Жиззах политехника институтида жорий йилнинг 27- 28 май кунлари “Ёшларни қўллаб- қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили муносабати билан “Беш муҳим ташабббус- буюк келажак пойдевори" мавзусида илмий-амалий анжуман ва “Миллий ўйинлар-саломатлик гарови” мавзусида 2 кунлик дастур асосида талаба- ёшлар фестивали бўлиб ўтди.
“Беш муҳим ташабббус- буюк келажак пойдевори" мавзусида илмий-амалий анжуманга талаба- ёшлар томонидан жами 408 та мақолалар келиб тушди. Уларнинг орасида 8та вилоят ОТМларидан ҳам мақолалар тақдим этилди. Ялпи мажлисда 13 та маъруза тингланди.
Тушликдан сўнг онлайн тарзда бўлиб ўтган 6та шўъба йиғилишларида қолган маърузалар тингланди.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 13 апрель куни ёшлар бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ташкил этиш борасида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан ўтказилган видеоселектор йиғилишида турли фестиваль ва мусобақалар ўтказиб, ёшларни спорт, маданият ва санъатга қизиқтириш, нуфузли халқаро танловларга олиб чиқиш изчил давом эттирилиши алоҳида қайд этилган эди.
Талаба-ёшлар фестивалида институт ҳудудида рассомлик, ҳунармандчилик кўргазмалари, либослар дизайни кўргазмалари, театр саҳна кўринишлари, шеърият майдони, спорт майдони, ҳарбий чиқишлар, ҳар бир факультет ва кафедраларнинг эришган ютуқлари кўргазмалари ташкиллаштирилди. Айниқса, талабалар “Қувноқлар ва Зукколар”, Ҳамид Олимжон ва Зулфияхоним ҳаёти ва ижодига бағишланган саҳна асари, “Олтин фонд ” жамоаларининг чиқишлари ва “Ёш ватанпарвар”номли жанговар саҳна кўринишлари, гитарачи талабалар гуруҳи чиқишларини олқишлар билан кутиб олдилар.
Ташкил этилган беш ташаббусни ўз ичига олган  мазкур ёшлар фестивали институтнинг 3,5 минг нафар талабаларини ҳамда 300га яқин уюшмаган ёшларни ўз ичига қамраб олди. Тадбирга ташриф буюрган меҳмонлар институтда биринчи бор ўтказилаётган талаба- ёшлар фестивали  билан иштирокчиларини табрикладилар ва оқ йўл тиладилар. Фестивал жараёнида ёш салоҳиятли кадрларни қўллаб-қувватлаш ва уларни давлат фуқаролик хизматига тайёрлаш, меҳнат бозорида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида юқори натижага эришаётган 23 нафар “Олтин фонд” базасига киритилган талабаларга гувоҳномалар ҳамда контракт тўловининг маълум қисми тўлаб берилганлиги ҳақидаги сертификатлар топширилди.
Фестивал жараёнида ёшларимизни миллий қадриятлар ва анъаналар руҳида, ватанпарвар ҳамда соғлом қилиб тарбиялаш мақсадида миллий ўйинлардан “Арқон тортиш”, “Қирқтош”, “Оқ теракми-кўк терак”, “Арғимчоқ”, “Тош кўтариш”, “Турникка тортилиш” мусобақалари ўтказилди. Ғолиблар пул мукофоти ва Фахрий ёрликлар билан тақдирландилар. Қизиқарли тарзда бўлиб ўтган миллий ўйинларда 1000дан зиёд ёшлар иштирок этдилар.
Талаба-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида ташкил этилган, институтда мавжуд клуб ва  тўгараклар  фаолияти, “Беш муҳим ташаббус” доирасида  амалга оширилаётган ишлар тадбирда ўз аксини топди.
Ушбу ўтказилган фестивал  жўшқинлик, имконият, самара ва эсда қоларли таассуротлар руҳида бўлиб ўтди.
Фестивалдан лавҳалар:
Фестивал тасвирлари акс этган қисқача видеоролик: https://t.me/JizPI_online/10757