Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти қошидаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида “Олий таълим муассасаларининг босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштиришга ўтиш истиқболлари” мавзусидаги матбуот анжумани ўтказилди.

Анжуманда Олий ва ўрта махсус таълим вазири ўринбосари Сарвархон Бузрукхонов, бошқарма бошлиғи Мақсуджон Ҳамраев, ахборот хизмати раҳбари Фархад Бабашев ҳамда янги тизимга ўтаётган ОТМ ректорлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Қайд этиш лозимки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Олий ва ўрта махсус таълим тизимига бошқарувнинг янги тамойилларини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4391-сон қарори ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтказиш тўғрисида”ги 967-сонли қарори асосида 2020 йил 1 январдан бошлаб юртимиздаги 10 та олий таълим муассасаси тажриба-синов тариқасида ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтади. Бундан кўзланган асосий мақсад олий таълим муассасаларининг молиявий бошқарув тизимини либераллаштириш, уларга бюджетдан ташқари маблағларни жалб қилишда кўпроқ имкониятлар яратиш, профессор-ўқитувчилар ва талабаларга замонавий шарт-шароитлар яратиш орқали олий таълимдаги ислоҳотлар самарадорлиги ва таълим сифатини оширишдир. Тадбир давомида ОТМларнинг ўзини ўзи молиялаштириши билан боғлиқ журналистларнинг саволларига жавоб қайтарилди.  

Manba: Axborot xizmati