Коррупцияни энг хавфли ва ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларига кириб борадиган негатив ҳодиса қаторига киритса бўлади, у миллий хавфсизликка таҳдид солади, унинг оқибатлари исталган давлатда унинг ҳокимият тузилиши ва маданиятидан қатъий назар сезилади. Соҳибқирон Амир Темур ва темурийлар даврида жиноят ва жазо масалаларини ҳал этишда “Темур тузуклари” алоҳида ўрин эгаллаган. Тузукларда мулкни, хусусан давлат мулкини ўзлаштирганлик учун жавобгарликни белгилашда ўзига хос ёндашув мавжуд бўлган. Хусусан, “Мамлакат хазиначилари бўлмиш молия вазирлари, молия ишларида хиёнат қилсалар ва (бойликнинг бир қисмини) ўзлаштириб олган бўлсалар, текшириб кўрилган. Агар ўзлаштириб олган пул маблағи ўзига тегишли ҳақ миқдоридан ошмаса, мазкур маблағ унга инъом ўрнида қолдирилган. Агар ўзлаштириб олган пул маблағи маошидан икки баробар ортиқ бўлса, ортиғи оладиган маоши ҳисобидан ушлаб қолинган. Агар маошидан уч баробар кўп маблағ олган бўлса, ҳаммаси (салтанат хазинасига) тортиқ сифатида олинган” Амир Темур давлатида амалдорлар ишини тартибга солиш мақсадида вақти-вақти билан сўроқ, текшириш, тафтиш, тергов ўтказиб турилган. Ўз амалини суиистеъмол қилиш, порахўрлик, доимий равишда ичкилик ичиш, маиший бузуқлик каби қилмишлар оғир гуноҳ ҳисобланган ва қаттиқ жазоланган. Тарихий манбаларда келтирилишича, Амир Темурнинг ўғли Мироншоҳ, неваралари Пирмуҳаммад ва Ҳалил Султонлар юқорида зикр этилган меъёрларни бузганлик учун халқ олдида жазога тортилганлар. Ҳуқуқий маданияти юксак инсон атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга, ўзгаришларга бефарқ бўлмайди. У жамиятнинг мустақил фикрловчи онгли аъзоси сифатида ўзининг эркин муносабатини билдиради. Онгли ва огоҳ киши, албатта, мамлакат тараққиётига ғов бўлаётган турли иллатларга қарши самарали курашади.      

Алимов Нормурод,

Жиззах политехника институти проректори